ДИҚҚАТ: «16 сентябрь — Халқаро озон қатламини ҳимоя қилиш куни»га бағишлаб ўтказилаётган «ОЗОН - ХАЁТ УЧУН» танлови!

ДИҚҚАТ: ТАНЛОВ!

 16 сентябрь — Халқаро озон қатламини ҳимоя қилиш кунига бағишлаб ўтказилаётган

«ОЗОН — ҲАЁТ УЧУН!» онлайн танловида фаол иштирок этинг!

Агар ижодий ёндашган ҳолда видеоролик тайёрлаш, мақола ёки шеър ёзиш қобилиятига эга бўлсангиз, бу танлов айнан Сиз учун!

Сизни 16 сентябрь — Халқаро озон қатламини ҳимоя қилиш кунига бағишлаб Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Ўзбекистон Ихтирочи аёллар маркази, Глобал экологик жамғармаси ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастури томонидан «ОЗОН — ҲАЁТ УЧУН!» мавзуида жорий йилнинг августь-сентябрь ойларида ўтказилаётган ижодий ишлар онлайн танловига таклиф этамиз.

Танловнинг мақсади:

  • Танлов орқали озон қатламини ҳимоя қилиш тўғрисида аҳолининг хабардорлигини ошириш ҳамда она табиатни, хусусан, озон қатламини сақлашга бўлган муносабатини ўзгартириш;
  • танлов иштирокчиларини озон қатламининг аҳамияти ва озон қатламининг емирилиши оқибатлари ҳақидаги фикрларни жамоатчиликка етказиш;
  • иштирокчиларни бугунги карантин даврда бўш вақтларидан унумли фойдаланиш ва рағбатлантириш.

 «ОЗОН — ҲАЁТ УЧУН!» мавзуидаги ижодий ишлар танлови 3 та номинация бўйича қуйидаги талаблар асосида ўтказилади:

  • “Энг яхши видеоролик” номинацияси

 Танловга она табиатни, хусусан, озон қатламини ҳимоя қилиш, озон қатламининг аҳамияти ва озон қатламининг емирилишини оқибатлари ҳақида тайёрланган видеороликлар қабул қилинади. Иштирокчи томонидан давомийлиги 3 дақиқагача бўлган видеоролик тайёрланиб, #ozon_qatlami_va_men, #ozon_hayot_uchun ёки #mening_oilam_va_ozon_qatlami хэштеглари остида Facebook, Instagram ҳамда бошқа ижтимоий саҳифаларга жойлаштирилиши ва @ozonqatlami_bot телеграмм-ботига белгиланган тартибда юборилиши керак. Видеороликни баҳолашда сюжетнинг ўзига хослиги, креатив ёндашув, янгича қарашлар ва ғоялар эътиборга олинади. Танлов барча иштирокчилар учун очиқ.

  • “Энг яхши мақола” номинацияси

 Танловга журналистлар томонидан чоп этилган озон қатламининг аҳамияти, озон қатламининг емирилиши оқибатлари ҳамда она табиатни, хусусан, озон қатламини ҳимоя қилишга бағишлаб «Озон — ҳаёт учун!» рукни остида ёзилган мақолалар қабул қилинади. Танловга топшириладиган мақолалар (ўзбек, қорақалпоқ, рус ёки инглиз тилларида) босма оммавий ахборот воситалари ёки ОАВ сифатида расмий рўйхатдан ўтган интернет нашрларда чоп этилган бўлиши керак. Шунингдек, тайёрланган мақола #ozon_qatlami_va_men, #ozon_hayot_ uchun ёки #mening_oilam_va_ozon_qatlami хэштеглари остида Facebook, ҳамда бошқа ижтимоий саҳифаларга жойлаштирилиши лозим.

  • Энг яхши шеър” номинацияси

 Танловга озон қатламининг аҳамияти, озон қатлами емирилишининг оқибатлари ҳамда она табиатни, хусусан, озон қатламини ҳимоя қилишга бағишлаб (ўзбек, қорақалпоқ, рус ёки инглиз тилларида) ёзилган шеърлар қабул қилинади. Шеърни баҳолаш мезонида ғоясининг юқорилиги ва мазмунининг теранлиги, бадиийлиги (бадиий тасвир воситалари усулларидан фойдаланиш қобилияти, шеърнинг ихчамлиги), ўзига хос ижодий ёндашув, шеърнинг услубий ва грамматик томондан тўғри ёзилишига эътибор берилади. Танловга топшириладиган шеър босма оммавий ахборот воситалари ёки ОАВ сифатида расмий рўйхатдан ўтган интернет нашрларда чоп этилган бўлиши керак. Шунингдек тайёрланган шеър #ozon_qatlami_va_men, #ozon_hayot_uchun ёки #mening_oilam_va_ozon_qatlami хэштеглари остида Facebook ҳамда бошқа ижтимоий саҳифаларга жойлаштирилиши лозим. Танлов барча иштирокчилар учун очиқ.

ТАНЛОВГА ИШ ТОПШИРИШ МУДДАТИ: 2020 йил 3 августдан 10 сентябрь соат 18:00 гача. 

 Онлайн танловда иштирок этиш учун муаллиф қуйидаги файлларни битта электрон папкада архивлаб @ozonqatlami_bot телеграмм-ботига юбориши керак:

  1. 1. Ариза шакли - ТАНЛОВ ИШТИРОКЧИСИНИНГ АНКЕТАСИ.
  2. Ижодий ишининг электрон шакли:

- “Энг яхши видеоролик” учун avi, mp4 ёки mpeg форматдаги видеоролик;

- Оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган шеър ёки мақоланинг PDF формати ёки сканер қилинган  нусхаси;

- Мақола ёки шеърнинг интернет нашрда чоп этилган манзили;

  1. Танловда қатнашаётган ишнинг Facebook ва бошқа ижтимоий тармоқларда жойлаштирилган манзили;
  2. Паспорт (ёки туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома) электрон нусхаси.

          Танлов иштирокчининг анкетасини янги сахифадан юклаб олиш.

 Танловда иштирок этиш учун фақат озон қатламини ҳимоя қилишга бағишланган ишлар қабул қилинади. Танлов мавзусидан ташқари бўлган, мавзуга алоқадор бўлмаган ишлар танловда иштирок эта олмайди. Ижодий иш муаллифи бир киши бўлиши керак. Танловга ҳар бир иштирокчидан фақат битта иш қабул қилинади.

Муаллифлик ҳуқуқларини бериш: Танловга ишини юборган иштирокчи муаллифлик ҳуқуқини ташкилий қўмита ва ҳамкор ташкилотлар томонидан ўз ижодий ишини тарқатиш, кўпайтириш, нусха олиш, нашр этиш ва фойдаланишига розилик беради. Ташкилий қўмита ва ҳамкор ташкилотлар ўз нашрларида ишларнинг муаллифини кўрсатишга мажбурдирлар.

Танлов ғолиблари ҳамда фаол иштирокчилари 16 сентябрь — Халқаро озон қатламини ҳимоя қилиш кунида эълон қилинади ва диплом ҳамда эсдалик совғалар (ҳар бир номинация бўйича 1-ўринга телевизор, 2-ўринга - смартфон, 3-ўринга – “ақлли” билагузук) билан тақдирланадилар. Ғолиблар ҳамда уларнинг ишлари ҳақидаги маълумотлар www.o3.uz, www.uznature.uz сайтига ва ижтимоий тармоқларда жойлаштирилади.

Танлов юзасидан барча саволларга жавоб олиш учун (93) 171-70-17, (90) 594-24-79 телефон рақамларига ёки @ozonqatlami_bot телеграмм-ботига мурожаат қилишингиз мумкин.

  Танловда қатнашинг ва ғолиблар сафидан ўрин эгалланг!